Web sayt test rejimida ishlamoqda!!!





Ilmiy kengash

E-kutubxona

Rahbar qabuliga yozilish

Masofaviy ta'lim

Ustav

Ustav

Олий ва ўрта махсус таълим

вазирининг 2019 йил ___сентябрдаги _______

-сонли буйруғи билан тасдиқланган

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

 

 

ПЕДАГОГИК ИННОВАЦИЯЛАР, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ БОШҚАРУВ ҲАМДА ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ИНСТИТУТИНИНГ УСТАВИ

 

 

 

 

 

PEDAGOGIK INNOVATSIYALAR, KASB-HUNAR TA’LIMI BOSHQARUV HAMDA PEDAGOG KADRLARNI QAYTA TAYYORLASH VA ULARNING MALAKASINI OSHIRISH  INSTITUTINING USTAVI

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тошкент - 2019 йил

 

  1. УМУМИЙ КОИДАЛАР

 

  1. Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Институти (кейинги ўринларда – Институт деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида бошқарувни ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5763-сонли фармони ва 2019 йил 11 июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4391-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳузуридаги муассаса ҳисобланади.
  2. Институтнинг Устави Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4391-сонли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва унинг мақоми, асосий вазифалари, фаолият йуналишлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
  3. Институт Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ҳузуридаги юридик шахс мақомига эга бўлган мустақил бўлинмаси ҳисобланади, бевосита Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигига бўйсунади ва ҳисобот беради.
  4. Институт Профессионал таълим тизимида педагогик инновационларни ривожлантиришни, профессионал таълим бошқаруви ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларни малакасини оширишни амалга оширувчи давлат таълим муассасасидир.
  5. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг меъёрий ҳужжатларига, ушбу Уставга, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
  6. Институт ўз фаолиятини тасарруфида касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар (бундан кейин матнда – профессионал таълим муассасалари) бўлган вазирликлар, идоралар, ҳўжалик бирлашмалари, тижорат банклари, йирик корхоналар, уларнинг таълим ташкилоти ва муассасалари, ҳудудий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари, мулкчилик шаклидан қатъий назар турли корхона ва ташкилотлар, жамоат, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.
  7. Институт юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири ва ўз номи туширилган муҳр, штамплари ва бланкаларига, ўз рамзи, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ҳисоб рақамларига, банк, шу жумладан, чет эл валютасидаги ҳисоб рақамларига эга бўлади.
  8. Институтнинг моддий-техника таъминоти ва ҳодимлар меҳнатига ҳақ тўлаш давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида ва қонунлар билан таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
  9. Институтнинг расмий номи:

а)    давлат тилида тўлиқ номи – Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Институти, қисқартмаси – Педагогик инновациялар институти

б)    рус тилида тўлиқ номи – Институт педагогических инноваций, переподготовки и повышения квалификации руководящих и педагогических кадров профессионального образования, қисқартмаси – Институт педагогических инноваций;

в)    инглиз тилида тўлиқ номи – Institute of pedagogical innovations, retraining and advanced training of managerial and pedagogical personnel of vocational education.

  1. Институтнинг юридик манзили: Тошкент шаҳар Олмазор тумани Зиё кўчаси 76-уй.

 

  1. ИНСТИТУТНИНГ МАҚСАДИ, АСОСИЙ ФАОЛИЯТ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

 

  1. Институтнинг мақсади – бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим (бундан кейин матнда – профессионал таълим) тизими учун ўқув-меъёрий, методик таъминотини ишлаб чиқишни ташкил қилиш, такомиллаштириш ва жорий этиш, таълим жараёнига инновацион таълим технологияларни татбиқ этиш, раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишдан иборат.
  2. Институт белгиланган мақсадга эришиш бўйича қуйидаги йўналишларда ўз фаолиятини амалга оширади:

       профессионал таълим дастурлари мазмуни ва тузилмасини доимий равишда такомиллаштириб бориш;

       ўқув-меъёрий ҳужжатларни яратиш бўйича Йўриқномалар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

       профессионал таълимга педагогик инновацион технологияларнинг илғор шакл ва методларини жорий этиш, фан ва технологияларнинг инновацион ютуқлари асосида ўқув жараёнини ташкил этиш;

       тизим раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

  1. Педагогик инновациялар, профессионал таълим тизимини ривожлантириш йўналиши бўйича Институтнинг асосий вазифалари:

Ўзбекистан Республикаси профессионал таълим тизими учун “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципига асосланган илғор хориж тажрибаси ҳамда иқтисодиётнинг реал секторидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда профессионал таълим стандартлари, намунавий ўқув режалари, таълим дастурларини ишлаб чиқишни ташкил этиш;

профессионал таълим муассасалари учун инновацион технологияларга асосланган ўқув қўлланмалар ва ўқув адабиётларининг янги авлодини тайёрлаш бўйича ўқув-услубий таъминотини амалга ошириш;

инновацион педагогик ва ахборот технологияларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, ўқитишнинг замонавий шакллари ва усулларини ўқув жараёнига жорий этишда методик ёрдам кўрсатиш;

профессионал таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари билан биргаликда профессионал таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаларининг ўқув-методик таъминлаш бўлимлари ҳамда методик кўмаклашиш бўйича маслаҳатчи-методистлар хизмати ишларини мувофиқлаштириш ва уларга методик раҳбарлик қилиш;

мобиль ҳамда масофавий таълимни кенг жорий этиш ва унинг методик таъминотини ишлаб чиқиш;

профессионал таълим соҳасида интерактив хизматлар кўламини кенгайтириш, электрон таълим ва таълим жараёнини бошқаришнинг электрон тизимини жорий этиш ишларни ташкил қилиш;

идоравий бўйсунувидан қатъий назар профессионал таълим муассасаларининг раҳбар, ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарини қайта тайёрлаш ва малака оширишларини ташкил қилиш;

  1. Профессионал таълим бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналиши бўйича:профессионал таълим муассасалари кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим жараёнини инновацион ёндашув асосида ташкил этиш;

идоравий бўйсунувидан қатъий назар профессионал таълим тизими муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш курсларини уларнинг бошқарув, касбий ва педагогик компетенциялар диагностикаси асосида ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш;

раҳбар ва педагог кадрлари қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг табақалаштирилган намунавий ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқиш, ўрнатилган тартибда тасдиқлаш ва жорий этиш;

раҳбар ва педагог кадрларнинг, ҳусусан, ишлаб чиқариш таълими усталарининг малака оширишини ташкил қилишда таълимнинг ишлаб чиқариш билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш;

профессионал таълим тизими муаммолари бўйича илмий-тадқиқотлар ўтказиш;

нодавлат таълим муассасалари, шунингдек Ўзбекистонда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар ва хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида тингловчиларнинг сиёсий, маънавий, маданий ва маърифий дунёқарашларини ривожлантирувчи дарсдан ташқари тадбирлар ташкил қилиш.

 

  • ИНСТИТУТНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ

 

                 Институт белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

  1. Институт белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун педагогик инновациялар йўналиши бўйича қуйидаги функцияларни амалга оширади:

профессионал таълимнинг Давлат таълим стандартлари, профессионал таълим стандартлари, намунавий ўқув режалар, намунавий ўқув дастурлари ҳамда методик таъминотни яратиш ишларини ташкил этиш;

методик таъминлашга бўлган эҳтиёжни ўрганиш, ўқув адабиётларини мазмунан Давлат таълим стандартлари, профессионал таълим стандартлари, касбларнинг малака талаблари ва замонавий фан, техника ва технология ютуқларига мос келишини мувофиқлаштириш;

профессионал таълим стандартлари, ўқув адабиётлар, методик материалларни муҳокама қилиш ва нашрга тавсия этиш учун фан ва йўналишлар бўйича ўқув-методик бирлашмалар фаолиятини ташкил этиш;

ўқув адабиётлари ва ўқув қўлланмаларини яратиш бўйича малакали олимлар ва тажрибали амалиётчи мутахассислардан иборат ижодий гуруҳларни ва муаллифлар жамоасини шакллантириш;

инновацион педагогик технологияларига асосланган дидактик материалларнинг янги авлодини яратиш ва жорий этишга тавсиялар ишлаб чиқиш;

профессионал таълим муассасаларига ўқув жараёнини такомиллаштириш, илғор ва инновацион педагогик ҳамда ахборот технологияларини таълим жараёнига татбиқ этиш, таълим ва тарбия сифати ҳамда унинг самарадорлигини ошириш борасида методик ёрдам бериш;

профессионал таълим стандартларини бажарилиши ва ўқув дастурларини ўзлаштириш сифат кўрсаткичларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва ўқувчиларнинг таълим тайёргарлиги даражасида бўшлиқларни тўлдириш юзасидан профессионал таълим муассасаларига методик ёрдам кўрсатиш;

профессионал таълим тизими ходимлари учун таълим сифатини оширишга қаратилган методик тавсиялар яратиш ва семинар-тренингларни ташкил қилиш;

таълим сифатини ошириш бўйича ишлаб чиқилган инновацион лойиҳаларни экспериментал майдонларда синовлардан ўтказиш ишларини ташкил этиш ва синовлар натижаси бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар тайёрлаш;

иқтидорли ёшларнинг анъанавий фестиваллари, касбий маҳорат, ихтиролар ва ўқувчиларнинг ижодий ишлари кўрик-танловлари ҳамда касблар бўйича мусобақаларни ўтказиш учун ташкилий ва методик ишларни амалга ошириш;

профессионал таълим ва касбга ўргатиш жараёнида психологик-педагогик хизматлар ташкил этиш ва унинг услубий асосларини яратиш;

профессионал таълимни ривожлантириш ва такомиллаштириш йўналишлари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, раҳбарлик қилиш, тайёрланган диссертацияларга тегишли хулосалар бериш, натижаларини амалиётга тадбиқ этилишига кўмаклашиш;

  1. Профессионал таълим бошқарув ва педагог кадрлари қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналиши бўйича қуйидагилар Институтнинг функциялари ҳисобланади:

раҳбар, заҳира ва педагог кадрларнинг қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг давлат талабларини ишлаб чиқиш;

идоравий бўйсунувидан қатъий назар профессионал таълим муассасаларининг раҳбар, ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарини қайта тайёрлаш ва малака оширишларининг ўқув меъёрий асосларини ташкил қилиш;

таълим жараёнини ташкил қилишга оид меъёрий, ҳуқуқий ва услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

раҳбар ва педагог кадрларининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш базасини яратиш ва электрон мониторингини юритиш;

касбий ўсиш ва мустақил малака ошириш буйича амалга оширилган ишлар билан уйғунлаштирилган ҳолда ҳамда диагностика натижаларини, кадрларнинг малака оширишга бўлган эхтиёжини инобатга олиб табақалаштирилган мобил ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқиш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларининг барча шакллари бўйича ишчи ўқув режа ва дастурларни ўрнатилган тартибда тасдиқлаш;

катта ёшдагилар таълимининг меъёрий-ҳуқуқий, илмий-услубий асосларини ишлаб чиқиш, андрогогика тамойилларини малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув жараёнига жорий этиш;

касб соҳаси ва мутахассислик бўйича малака оширишнинг услубий-меъёрий ва ўқув-методик таъминотини ишлаб чиқиш мақсадида тасарруфида профессионал коллежлари бўлган вазирлик, идоралар ва ташкилотлар мутахассислари жалб этилган ижодий ишчи гурухларни ташкил этиш;

касб соҳаси ва мутахассислик бўйича малака ошириш ўқув жараёнига вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг малакали мутахассисларини жалб этиш;

раҳбар ва педагог ходимларининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича иш берувчи корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

вазирлик, идоралар ва ташкилотлар ҳузуридаги таълим муассасалари билан биргаликда ўқув-меъёрий, ташкилий-услубий ва методик ҳужжатларни ишлаб чиқишни ташкил қилиш;

таълим жараёни ва сифатини назорат қилиш ҳамда тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотларга маълумотлар киритиш;

профессионал таълим тизимини ривожлантириш муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, ўқув жараёнида илмий ишланмаларнинг натижаларини жорий этиш;

институт илмий ишлари самарадорлигини ошириш, профессионал таълим соҳасидаги инновацион янгиликлар базасини яратиш, фан ва техника ютуқларини ишлаб чиқаришга ва амалиётга тадбиқ қилиш мақсадида оммалаштириш;

профессионал таълимни ривожлантириш соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини, инновацион технологияларни, хорижий тажрибаларни таълим муассасаларига жорий этишда услубий кўмаклашиш;

фаолият йўналишларида долзарб масалалар бўйича республика миқёсида илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;

педагогика фанлари бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини бериш бўйича илмий кенгаш фаолиятини янада жадаллаштириш ва бошқариш, профессионал таълим тизими учун илмий (магистрлар, фан докторлари) ва илмий-педагогик кадрлар, жумладан, касбий таълим ва педагогика йўналишларида магистрлар тайёрлаш;

профессионал таълим тизимига оид “Касб-ҳунар таълими” журнали фаолиятини мақсадли йўналтириш, янги илмий-амалий нашрларни ташкил қилиш;

институтда докторантура, магистратура ва мустақил изланувчиларга оид махсус илмий марказ фаолиятини жорий этиш ва унинг мақсадли фаолиятини таъминлаш.

хорижий ва мамлакатдаги етакчи малака ошириш таълим муассасаларининг илғор тажрибаларини ўрганиш ва амалиётга жорий этиш ишларини ташкил этиш;

институт ходимларини хорижий стажировкаларга юборишни ташкил этиш;

тингловчилар бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиш, таниқли олимлар, адиблар ва сиёсатшунослар билан учрашувлар ташкил этиш, пойтахтимизнинг зиёратгоҳларига, музейларига, кутубхона ва театрларига ташрифлар амалга ошириш.

профессионал таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш бўйича Ахборот хизмати фаолиятини йўлга қўйиш.

  1. ИНСТИТУТНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

  1. Институт ўз вазифалари ва функцияларини амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли вазирлик, идоралар ва бошқа ташкилотлардан илмий, услубий, меъёрий ва тадқиқот ишларига оид маълумотлар ҳамда зарур материалларни олиш учун мурожаатлар қилиш;

ўқув-услубий, илмий-амалий ишларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва маданий алоқаларни ривожлантириш бўйича вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар, ташкилот ва хорижий давлатлар муассасалари билан ўзаро манфаатли шартномалар тузиш;

профессионал таълим муассасаларида Давлат таълим стандартлари, профессионал таълим стандартлари, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг Давлат талаблари бажарилишини ўрганиш ҳамда тегишли услубий тавсиялар бериш;

профессионал таълим стандартлари, ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари, илмий мақолалар тўпламларини, ўқув, ўқув-методик, дидактик, илмий ва ахборот-таҳлилий махсулотларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш;

ноширлик фаолиятини белгиланган тартибда амалга ошириш, профессионал таълим тизимининг долзарб муаммолари бўйича даврий, илмий-назарий, амалий ва электрон нашрлар чиқариш;

профессионал таълим муассасаларига илмий-методик ва таҳририят-нашриёт хизматларини кўрсатиш;

институтда тайёрланган нашр-босма ва электрон маҳсулотларни шартнома асосида келишилган шартларда тарқатиш ва оммалаштириш;

профессионал таълимни ривожлантириш муаммолари ва алоҳида йўналишлари бўйича тажриба-синов майдончалари, таянч ўқув муассасаларни ташкил этиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёни амалий машғулотларини самарали ўтказиш мақсадида замонавий жиҳозланган профессионал таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт базаларини ташкил этиш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг турли шаклларини ташкил этиш ва унинг ўқув-меъёрий ҳужжатларини тасдиқлаш;

малакали олимларни, тажрибали амалиётчи ходимлар ва хориждан мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

институтнинг махсус журнали ва расмий веб-сайтида профессионал таълим муассасалари фаолиятига оид маълумотлар ҳамда реклама материалларини жойлаштириш;

ҳўжалик ҳисоби асосида иш юритадиган илмий-ишлаб чиқариш ва ўқув, нашр мажмуаларини яратиш, кичик ва қўшма корхоналар ташкил этиш;

меҳнатни ташкил этишнинг ҳар хил шаклларидан фойдаланилган ҳолда муваққат ижодий жамоаларни ташкил этиш, муаллифлар билан ўрнатилган тартибда пудрат ҳамда алоҳида фуқаролар билан тузилган шартнома асосида доимий ёки бир марталик ишларни бажариш;

таълим муассасаларининг педагог-ходимлари, ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, бошқа фуқаролар ҳамда республикамиздаги рўйхатдан ўтган давлат ва ҳўжалик ташкилотларига қонун доирасида пуллик таълим хизматларини кўрсатиш, шу жумладан тўлов-шартнома асосида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш;

ҳўжалик ҳисобидаги бўлим ва марказлар фаолиятини йўлга қўйиш, бюджетдан ташқари ишлаб топилган маблағлар ҳисобига янги штат бирликларини белгилаш;

ўз фаолиятини ривожлантириш учун модернизация ва инновацион технологиялар жамғармасини, ижтимоий ривожлантириш жамғармасини, моддий рағбатлантириш жамғармасини, валюта ажратмалари жамғармасини ташкил қилиш;

халқаро конференция, симпозиум, семинар ва анжуманларни ташкил қилиш ҳамда уларда иштирок этиш;

институт Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

  1. ИНСТИТУТНИНГ ТУЗИЛМАСИ ВА УНИ БОШҚАРИШ
  2. Институтнинг тузилмасини қуйидаги асосий бўлинмалар ташкил этади:
  • Педагогик инновациялар, профессионал таълимни ривожлантириш йўналиши бўйича:

“Ўқув-норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бошқармаси” ва унинг таркибидаги

“Таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўлими”,

“Ўқув режа ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўлими”;

“Ўқув-методик таъминлаш бошқармаси” ва унинг таркибидаги

“Ижтимоий аҳамиятга эга ва профил фанларини ўқитишни методик таъминлаш бўлими”,

“Умумкасбий ва махсус фанларни методик таъминлаш бўлими”,

“Ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётини методик таъминлаш бўлими”;

“Инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бошқармаси” ва унинг таркибидаги

“Ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўлими”,

“Мультимедиа ва электрон таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўлими”.

  • Профессионал таълими тизими педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналиши бўйича:

“Ўкув дастурлари ва норматив-методик ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўлими”;

“Ўкитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг касбий салоҳияти ва педагогик маҳоратини бахолаш бўлими”;

“Илмий ишланмалар ва технологиялар трансфери бўлими”,

“Узлуксиз малака ошириш тизимида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш бўлими”;

“Ўқув жараёнини илмий-техникавий, ўқув-методик ва халқаро ахборот ресурслари билан таъминлаш бўлими”;

“Таълим муассасалари бошқарув кадрлари заҳирасини тайёрлаш ва малакасини ошириш факультети”ва унинг кафедралари;

“Махсус фан ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш факультети”ва унинг кафедралари;

“Педагогик қайта тайёрлаш ва умумтаълим фанлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш факультети”ва унинг кафедралари.

  1. Институтни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан тайинланадиган директор бошқаради
  2. Институт директори:

Барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида муассаса ва ташкилотларда Институт номидан иш юритади;

Институт Илмий кенгаши таркиби, бўлинмалари низомлари ва йўриқномаларини тасдиқлайди;

Институт бўлинмалари раҳбарларини, факультет деканларини ва кафедра мудирларини тайинлайди;

Вазирлик билан келишилган ҳолда кафедраларни, ўқув, ўқув-методик, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил ва бошқа бўлим ва бўлинмаларни, шу жумладан хўжалик ҳисобидаги бўлим ва марказларни ташкил этиш, қайта тузиш ва тугатиш ҳақида қарорлар, буйруқлар қабул қилади;

Институтнинг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади;

Институтнинг мулки ва маблағларидан ўрнатилган тартибга асосан фойдаланишни таъминлайди;

Институт ҳодимлари ва тингловчилари томонидан бажарилиши шарт бўлган буйруқлар, йўриқномалар ва кўрсатмалар қабул қилади;

Институт ҳодимлари билан амалдаги қонунчилик асосида меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Институт фаолиятини таъминлаш мақсадида штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлайди.

  1. Педагогик инновациялар, профессионал таълимни ривожлантириш, раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш йўналишлари ҳамда Молиявий ва иқтисодий масалалар бўйича Институт фаолиятига директор ўринбосарлари умумий раҳбарликни амалга оширади, унинг таркибини ташкил этувчи бўлинмалар ишини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради.
  2. Директор ўринбосарлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда директор томонидан тайинланади.
  3. Институт қошида Илмий кенгаш ҳамда профессионал таълим йўналишлари бўйича Ўқув-методик бирлашмалар ташкил этилади.
  4. Институт фаолиятига тегишли асосий масалаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш директор томонидан бошқариладиган Илмий кенгаш қарори билан амалга оширилади.
  5. Институт Илмий кенгаш аъзолигига директор ўринбосарлари, илмий котиб, декан, кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчилари, таркибий тузилмалар раҳбарлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, шунингдек, илмий ва олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари киритилиши мумкин.
  6. Институт Илмий кенгаши:

ўқув, инновацион, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлилий ишлар, халқаро алоқалар бўйича масалаларни ҳал қилади;

профессионал таълимнинг ўқув-меъёрий ва методик ҳужжатларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

малака ошириш ва қайта тайёрлаш учун намунавий ўқув режа ва дастурларни кўриб чиқади ва тасдиқлашга тавсия этади;

турли қисқа муддатли курсларни ташкил этиш бўйича ўқув режа ва дастурларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Институт ва бўлинмалар раҳбарлари ҳисоботларини тинглайди ва тегишли қарорлар қабул қилади.

  1. Илмий кенгаш қарорлари Институт директори буйруғи билан тасдиқлагандан сўнг кучга киради.
  2. Институтнинг Профессионал таълим йўналишлари бўйича Ўқув-методик бирлашмалари (бундан кейин матнда – Ўқув-методик бирлашмалар деб юритилади) жамоатчилик асосида фаолият юритувчи услубий-маслаҳат коллегиал орган бўлиб, уларнинг намунавий Низоми Институт директори томонидан тасдиқланади ва ҳар бир Ўқув-методик бирлашма ўз фаолиятини мазкур ҳужжатлар асосида амалга оширади.
  3. Ўқув-методик бирлашмаларнинг раислари ва ҳар бир бирлашманинг шахсий таркиби Институт директори томонидан тасдиқланади. Улар таркибига Институт директорининг йўналишлар бўйича ўринбосарлари, институт бошқармалари ва бўлимлари раҳбарлари ҳамда мутахассислари, профессионал таълим муассасаларининг педагог ҳодимлари, бошқа тааллуқли вазирлик, идора, жамоат ташкилотлари, уюшмалар, илмий-тадқиқот ташкилотлари вакиллари, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатьий назар ўқув юртлари раҳбарлари жалб этилиши мумкин.

 

  1. ИНСТИТУТНИНГ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРИ ВА БОШҚА ХОДИМЛАРИ

 

  1. Институтда профессор-ўқитувчилар, инженер-техник, маъмурий, ишлаб чиқариш, ёрдамчи ва бошқа ходимлар лавозимлари таълим дастурлари, таълим хизматлари ва Уставда кўзда тутилган бошқа фаолиятларни амалга ошириш учун мўлжалланган штатлар жадвали орқали белгиланади.
  2. Институт таълим жараёнига шартнома асосида ўриндошлик ва соатбай хақ тўлаш шарти билан ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига иқтисодиётнинг тегишли тармоқларидан юқори малакали мутахассислар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқот институтларининг етук мутахассислари, шунингдек, хорижий давлатларнинг олимлари ва мутахассислари жалб қилиниши мумкин.
  3. Профессор-ўқитувчиларни бўш турган (вакант) лавозимларига ишга қабул қилиш ва улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш амалдаги қонунчилик асосида директор буйруғига асосан амалга оширилади
  4. Раҳбар кадрлар, профессор-ўқитувчилар таркиби, ўқув-ёрдамчи ва маъмурий-хўжалик ҳодимларининг меҳнатларига ҳақ тўлаш, амалдаги қонунчилик асосида амалга оширилади.

 

  • ИНСТИТУТНИНГ МОЛИЯВИЙ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ

 

  1. Институтнинг молиявий фаолияти – моддий-техник таъминоти, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, асосий фаолият вазифаларини амалга оширилиши, жумладан, профессионал таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда бошқарув кадрлари заҳирасини мақсадли ўқитиш курслари тадбирларини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

тасдиқланган жадвалларга мувофиқ ушбу мақсадлар учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар доирасидаги бюджет маблағлари;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида профессионал таълим муассасаларининг педагог кадрларини ўқитиш учун буюртмачиларнинг маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш учун мақсадли тўловлари, таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-ўқув, ўқув-методик, дидактик, илмий ва ахборот-таҳлилий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

профессионал таълим раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун жалб этиладиган грантлар ва хорижий кредитлар маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Молиявий маблағлар институтнинг ҳуқуқий тасарруфида бўлган бинолар, иншоотлар, қурилмалар, жиҳозларни таъмирлаш, умумий сақлаш ва Уставда кўрсатилган фаолиятларни амалга ошириш учун фойдаланилади.
  2. Профессионал таълим муассасаларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун бюджет маблағлари Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари томонидан тегишли маҳаллий бюджетлар параметрларида мақсадли тартибда тасдиқланган жадвал доирасида назарда тутилади.
  3. Маблағларни сарфлаш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари ва Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

  • ХАЛҚАРО ФАОЛИЯТ

 

  1. Институт профессионал таълим соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги доирасида хорижий давлатларнинг турдош ташкилотлари ва муассасалари билан ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан шартномалар тузади, халқаро лойиҳа ва дастурларда иштирок этади.
  2. Институтнинг халқаро ҳамкорлиги қуйидагиларга асосан амалга оширилади:

профессионал таълим тизимини ривожлантириш, таълим тизими сифатини ошириш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш юзасидан халқаро дастур ва лойиҳаларда иштирок этиш;

Институт йўналишига мос фаолиятларни амалга оширадиган хорижий муассасалар ва марказлар билан илмий-методик ҳамкорлик қилиш;

хорижий давлатлар фуқароларини шартнома асосида малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;

Институт ходимларини, тингловчиларни ҳамда педагогларни илғор хорижий мамлакатлардаги етакчи илмий ва ўқув марказларида малака оширишларини ташкиллаштириш;

профессионал таълим тизимини инновацион ривожлантириш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш соҳасида халқаро илмий, илмий-амалий конференция, симпозиум, анжуман ва кўрикларни ташкил қилиш ва хорижий давлатлар тадбирларида иштирок этиш.

  1. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
  2. Институт фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун хужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
  3. Институтни қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида ходимларнинг ижтимоий ҳимояси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлар билан кафолатланади.
  4. Ушбу Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда киритилади ва тасдиқланади.

 

Barcha huquqlar himoyalangan. © 2004-2020. Ushbu saytda chop etilgan materiallarning to'liq yoki qisman ishlatilishida va keltirilishida rasmiy sayt manzili ko'rsatilishi shart..